Олтин стандарт

Олтин стандарт — мамлакатнинг пул ва валюта муносабатларини олтиндан пул товари сифатида фойдаланиш асосида ташкил қилиш шакли. Олтин стандарт олтин танга, олтин ёмби ва олтин девиз (олтин валюта) турларига бўлинади (қаранг Девизлар). Олтин танга стандарт энг барқарор пул тизими бўлиб, инфлясияни истисно этади, чунки эҳтиёждан ортиқ олтин тангалар муомаладан олиниб хазинага айланади. Олтин стандартни 1821-йилда Англия банки бошлаб берди. Бу тизим ҳуқуқий жиҳатдан 1867-йилда Париж конференсиясида давлатлараро битим билан расмийлаштирилди. Миллий валюта курси олтинга қатъий боғлиқ бўлиб, валютанинг олтин таркиби орқали қатъий валюта курси бўйича бирбири билан ўзаро мувофиқлаштирилган. Уларнинг олтин паритети валюталарда расмий белгиланган олтин миқдоридан келиб чиққан ҳолда аникланиб, валюталар бевосита олтинга айирбошланар эди. Олтин тангалар чекловларсиз муомалада бўлган ва зарб қилинган, қоғоз пул олтин тангаларга эркин алмаштирилган, нархлар олтинда ҳисобланган. Биринчи жаҳон уруши даврида деярли барча мамлакатларда қоғоз пулларга олтин алмаштириш тўхтатилди, муомаладаги олтин тангалар муомаладан чикарилди. 20-асрнинг 20-йилларидан айрим мамлакатларда (хусусан, АҚСҲ ва Буюк Британияда) олтин ёмби стандарт жорий этилди, бунда банкнотлар 12,5 кг гача бўлган олтин ёмбиларга алмаштирилган, бунинг учун эса банк-ка катта пул миқдорини такдим этиш лозим бўлган. Бошқа мамлакатларда кредит пулларини дастлаб олтин ёмби стандарти мамлакатлари валюталаридаги девизларга сўнгра олтинга алмаштириш тартиби пайдо бўлди ва Олтин стандартнинг бу шакли олтин девиз стандарт номини олди. Бу шаклда бир мамлакат ва-лютаси бошқа мамлакатлар воситасига боғлиқ қилиб қўйилади.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Бреттон — Вудс валюта тизими шаклланди (к,. Бреттон— Вудс битими) ва олтин девиз стандарт факат марказий банклар учун сақлаб қолинди. Олтин жаҳон пули сифатида Ямайка шартномаси (1976) имзоланишига қадар муомалада бўлган[1].

Манбалар

edit
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил